Миннатдормиз
Мен севимли журналимиз «Фан ва турмуш»ни ғўзасига сув тараб, эгат бошида бир зум ҳордиқ олаётган пахтакорнинг қўлида ҳам, самолёт салонида савлат тўкиб ўтирган ғоят жиддий ҳамроҳимнинг қўлида ҳам, беморхонада узун тунларни умид билан ўтказаётган ҳаста-ю, дунёни ўзининг учқур хаёллари билан безаб юрган талабанинг қўлида ҳам кўрганман. Ростдан ҳам «Фан ва турмуш»сиз аллақайси жиҳатимиз кемтикдек туюлади. Бу гапларни айтишдан мурод, журнал нечоғли кенг тарқалганлигини яна бир карра таъкидламоқдир. Лекин журналнинг фазилати унинг фақатгина оммабоплигидагина эмас. У бизни жаҳон фанининг жиддий муаммолари-ю ютуқлари билан муттасил таништиради, улуғ боболаримизнинг беқиёс тафаккур хазиналари томон етаклаб боради. Бу каби хизматлари учун «Фан ва турмуш»дан миннатдормиз.
Тафаккур ҳақида гап кетса гоҳо
Ўйлаймиз сирли ва чексиз оламни.
Унутиб қўямиз ўша чоғ аммо
Оддий қоғоз билан оддий қаламни.
Майлига фазога етсин тафаккур,
Парвоз қилаберсин хаёлот қуши.
Беминнат хизматинг учун ташаккур,
Зукко халқимизнинг «Фан ва турмуши».
Абдулла Орипов.
Ўзбекистон халқ шоири.
Журнал дастлаб 1933 йилдан Илм қўмитаси ва Ўзбекистон Давлат план комиссиясининг органи сифатида «Социалистик илм ва техника» номида нашр этила бошланган. Ойда бир марта чиқадиган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, илмий-техника журналининг ўша йили учта, келгуси йили эса ўн иккита сони чоп этилди. Журнал 1935 йилдан «Социалистик фан ва техника» номида Ўзбекистон Фанлар комитетининг органи сифатида фаолиятини давом эттирди. 1939 йили эса унинг номи «Социалистик фан ва турмуш» деб ўзгартирилди ва Ўзбекистон Халқ Комиссарлари Совети қошидаги фанлар комитетининг «ўз-ўзидан ўқиб маълумотни оширувчилар учун ўзбек тилида ойда бир марта чиқатўғон илмий журнал» бўлиб қолди.
1940 йил собиқ Иттифоқ Фанлар академиясининг Ўзбекистон филиали ташкил қилингач, журнал унинг таркибига киритилди. Уруш бошланганидан кейин республикамиздаги бир қанча вақтли матбуот органлари қатори журналининг чиқиши ҳам вақтинча тўхтатилди. Ниҳоят 1957 йил мартида журнал ҳозирги «Фан ва турмуш» номи билан қайта чиқа бошлади.
Ўша вақтда Ўзбекистон Фанлар академиясига атоқли олим Ҳабиб Абдуллаев президент этиб сайланган эди. Ўзбекистон Фанлар академияси нашриётининг директори Аҳмаджон Ёқубов Ҳабиб Абдуллаевга урушдан олдин нашр этиб келинган, республикадаги ягона илмий оммабоп журналини қайта тиклаш таклифи билан мурожаат этганида Ҳабиб Абдуллаев: «Маъқул, Сиз марҳамат, журнални чиқаришни ташкил этаверинг» дейди. Аҳмаджон Ёқубов бу жавобдан иккиланиб: «Ахир бу ҳақда республика раҳбариятининг рухсати керак-ку» дейди. Шунда Ҳабиб Абдуллаев: «Буёғига мен турибман, Сиз журнални бемалол чиқараверинг» дейди қатъий ишонч билан. Шу алфозда «Фан ва турмуш» журнали чиқа бошлаган.
1960 йилларнинг ўрталарида юқори идоранинг мажлислар залида вақтли матбуот муаллифларига бағишланган катта йиғин вақтида амалдор бир нотиқ сўзлай туриб: «Фан ва турмуш» журнали ноқонуний чиққан» деб қолди. Нотиқ сўзини тугатиши билан журналнинг масъул котиби Анвар Муҳаммадқулов минбарга кўтарилди: «Қани энди барча журналлар ҳам «Фан ва турмуш» сингари дастлаб ноқонуний чиқиб, эл-юрт меҳрини қозониб қонуний журналга айланса эди» деганида зал гулдурос қарсакдан ларзага келганди. Журнални қайта тиклаш ҳамда муҳарририят ишини ташкилий жиҳатдан йўлга қўйиш ва ижодий ривожлантиришда Ўзбекистон Фанлар академияси, хусусан, унинг ўша йиллардаги президенти Ҳабиб Абдуллаев ҳамда академик Тошмуҳаммад Қори-Ниёзий, ўша даврда дунёнинг деярли барча мамлакатларига бориб келгани учун «ўзбек Магелани» номини олган машҳур жаҳонгашта профессор Ҳамидулла Ҳасанов, атоқли журналист Аҳмаджон Ёқубовлар катта роль ўйнади.
«Фан ва турмуш» журнали 1976-1982 йилларда ярим миллион нусхада чоп этилиб, статистик маълумотларга кўра, мамлакат журналхонлар жон бошига тўғри келиши жиҳатидан собиқ Иттифоқда биринчи ўринни эгаллаган – республиканинг ҳар 19 нафар журналхонига биттадан «Фан ва турмуш» тўғри келган. Ўша йилларда Ўрта Осиёдаги қўшни республикалардан ташқари узоқ хорижнинг 26 мамлакатидаги ватандошларимиз ҳам «Фан ва турмуш» ни мунтазам ўқиб туришди.
Журналга турли йилларда адабиётшунос, файласуф ва жамоат арбоби, Ўзбекистон илм қўмитаси раиси Отажон Ҳошим (1933-1937 йиллар), академиклар: Тошмуҳаммад Қори-Ниёзий (1938 йил, 1940-1941 йил майигача ҳамда 1958 йилдан то 1970 йил мартигача – умрининг охиригача), Иброҳим Муминов (1957 йил), Муҳаммаджон Ўрозбоев (1970 йил октябридан то 1971 йил майигача – умрининг охиригача), Музаффар Ҳомудхонов (1972 йил январдан то июн ойига қадар – умрининг охиригача), Ёлқин Тўрақулов (1974-1988 йиллар), Комилжон Зуфаров (1988-1992 йиллар), Мурод Шарифхўжаев (1992-2002 йиллар).
Таниқли астроном олим, академик Шуҳрат Эгамбердиев ўтган устозларни давомчиси сифатида 2002 йилдан буён журналнинг бош муҳаррири бўлиб фаолият олиб бормоқда.
«Фан ва турмуш» сўнгги йилларда ҳам мазмунан, ҳам полиграфик ижросига кўра жаҳон стандартлари даражасига кўтарилди. Айниқса, журналнинг жаҳон цивилизациясига катта ҳисса қўшган Хоразм Маъмун академияси, қадимий шаҳарларимиз, жумладан, Самарқанднинг 2750 йиллиги, Қаршининг 2700 йиллиги, Марғилоннинг 2000 йиллиги, Ўзбекистон ҳудудида қадимий одам пайдо бўлишига бағишлаб чиқарилган сонлари кўпчиликка манзур бўлди.
Журнал 2003 йилдан бошлаб ўз саҳифаларида рус тилида ҳам мақолаларни чоп этиб русий забон муштарийларни хушнуд этмоқда.
Ҳозирда журнал ўз ўқувчилари, айниқса ёш авлод қалби ва тафаккурида умумбашарий қадриятларга, фаннинг сўнгги ютуқларига асосланган замонавий дунёқарашни шакллантириш, халқимизни юксак маънавиятли, маърифатли этиш йўлида жаҳон кашфиётларини, ўзбек олимларининг илмий натижаларини кенг тарғиб қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.